Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида илк бор коронавирус инфекциясига чалинган 10 нафар бемор буткул соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Соғайганлар соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайган беморларнинг 3 нафари эркак, 7 нафари аёллардир. Улардан 6 нафари Тошкент шаҳридан, 3 нафари Тошкент вилоятидан ва 1 нафари Самарқанд вилоятидан. Беморлардан икки нафари жорий йил 28 март куни чартер рейс орқали Туркиядан Тошкентга келган. Қолган саккиз нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 62 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларнинг хасталикдан буткул фориғ бўлганини кўрсатди. Ушбу жараёнда мазкур клиника жамоаси бирдамлиги, маҳорати ва тажрибаси ҳал қилувчи рол ўйнади.

Айни пайтда қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 99 нафар бемор тўлиқ соғайди.