Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 796 нафарни ташкил қилмоқда. Ушбу беморларнинг 42 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайиб, реабилитацияга жойлаштирилган бўлса, 4 нафари ҳаётдан кўз юмди.

Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабековнинг қайд этишича, Тошкентда айни пайтда 216 нафар COVID-19 бемори даволанмоқда.

Жумладан, Вирусология ИТИ клиникасида 112 киши даволанмоқда. Уларнинг 29 нафарида пневмония кузатилаётган бўлса, 8 беморнинг аҳволи оғир. Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар ИТИ клиникасида эса 104 нафар бемор даволанмоқда, 4 нафарининг аҳволи оғир.

«Ҳар куни 8 мингдан 9 мингга қадар хавф ости гуруҳига мансуб карантин муддатлари ўтаётган аҳоли қатлами коронавирусга текширилмоқда ва текширилганлар орасида касалликка чалинганларни аниқлаш жараёни давом этмоқда», — деди Нурмат Отабеков.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, бугунги кунга қадар Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар 51 182 тага етди. Уларнинг 48467 таси жамоат жойида ниқоб тақмаслик, 397 таси карантин жойини ташлаб кетиш билан боғлиқ.

Нурмат Отабеков ҳар куни 3000 атрофида карантин қоидалари бузилиши қайд этилаётганини таъкидлади. Бу 3000 та ҳолат инфекция юқтириш хавфи демакдир, деди у.