Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусдан даволанаётган тўрт нафар беморнинг тўлиқ соғайганини маълум қилди.

Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов ва бошқа масъуллар томонидан вилоят реабилитация марказига кузатиб қўйилди. Касалликдан тузалган фуқаролар маълум муддат шу ерда карантинда бўлади.

Хабарда қайд этилишича, ҳар бир беморга икки нафардан тажрибали мутахассислар жалб қилинган. Шунингдек, шифокорлар беморларни даволаш жараёнида мамлакатнинг қатор етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатиб, улардан керакли тавсияларни олмоқда.

«Нуфузли мутахассислар билан ҳамкорлик беморларнинг ҳолати юзасидан маслаҳатлашиш, аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш имконини беряпти», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг 42 нафари ушбу касалликдан тўлиқ соғайди.