Тошкентда тиббий чиқиндилар — ниқоб, қўлқоп ва бошқа коронавирусдан ҳимоя воситаларини йўқ қилиш учун махсус контейнерларни ўрнатиш бошланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси.

Қўмитанинг қайд этишича, коронавирус пандемияси сабаб тиббиёт чиқиндилари мисли кўрилмаган даражада кўп ҳосил бўлмоқда. «Мамлакатимизда ҳеч қачон бу қадар кўп дока ниқоблар, резина қўлқоплар, ҳимоя воситалари ишлатилмаган. Уларни ишлатиб бўлгандан кейин машиий чиқиндиларга аралаштириш, асло мумкин эмас», — дейилади хабарда.

Инфекция юқтириш эҳтимоли юқори бўлгани учун тиббий чиқиндиларни одатий маиший чиқиндилар билан аралаштирмаслик керак.

Шу мақсадда пойтахтнинг Миробод туманида фаолият юритаётган «Мироншоҳ» ва «Раҳнамо» муқобил санитар тозалаш хусусий корхоналари Hasher Week лойиҳаси билан ҳамкорликда янги лойиҳага қўл урди.

Корхоналар ўз тасарруфидаги чиқинди йиғиш майдончаларига (улар жами 14 тани ташкил этади) ишлатилган ниқоблар, резина қўлқоплар, турли хилдаги тиббий ҳимоя воситаларини ташлаш учун мўлжалланган замонавий чиқинди қутиларини ўрнатмоқда.