Юнусобод туманида коронавирус инфекциясига қарши курашиш чораларига зид равишда фуқаро А.Ш. қизининг никоҳ тўйи муносабати билан «Куёв навкар» маросими ўтказилганлиги аниқланган. Ушбу фуқарога нисбатан жиноий иш очилганлиги ҳақида Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, 28 март куни Юнусобод тумани, Марказ-4 мавзесида фуқаро А.Ш. куёви ва унинг ўртоқлари иштирокида «куёв навкар» маросимини ўтказган. Фуқаро ИИБ ҳудуд профилактика инспектори ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси томонидан огоҳлантирилган бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 257−1-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, тўй, оилавий тантаналар, марака ва бошқа маросимларни ўтказиш вақтинча тақиқланган.