Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар қилинди Коронавирус бўйича расмий Telegram-каналда.

Мамлакат ҳудудида беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва республика бўйлаб касалликни тарқалишини олдини олиш мақсадида, шунингдек мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан республика махсус комиссияси йиғилишининг қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 21 мартдан эътиборан барча ҳудудларда фаолият юритаётган мавжуд кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, чойхона, ошхона (уйга элтиб бериш хизмати бундан мустасно) караоке, билярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилади.

Шунингдек, 23 мартдан бошлаб «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ мамлакатимиз фуқароларини соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлари билан бирга 10−15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади.

Мажлисда айни пайтда чет элларда бўлиб турган фуқароларни мамлакатимизга қисқа вақтлар ичида олиб келиш ва уларни белгиланган тартибда 14 кун карантинда сақлаш юзасидан кўрилаётган чоралар атрофлича муҳокама қилинди.

«Комиссиянинг бундай қарорга келишидан кўзлаган бирдан-бир мақсади шуки, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, улар орасида янги турдаги CОVID-19 вирусининг тарқалишини олдини олишдир», — деб ёзди Facebook саҳифасида Бош вазир матбуот хизмати ходими Бекзод Ҳидоятов.

«Сизлардан шундай пайтларда ўзингизни ва яқинларингизни соғлигига бефарқ бўлмай, бир-бирингизни қўллаб-қувватлашингизни, гигиена талабларига қатъий риоя қилишингизни яна бир бор илтимос қиламиз», — таъкидлади у.