«Ўзавтосаноат» компанияси раиси Шавкат Умурзоқов «Газета.uz» га берган интервюсида автомобиллар нархининг кўтарилиш сабаблари, улар таннархининг пасайиши ва бажарилган мажбуриятлар ҳақида гапирди.

9 март куни UzAuto Motors Spark ва Damas (10−21%), Nexia (15−19.4%), Cobalt (10−14.7%) ва Lacetti (3%) нархларини оширди, аммо бу ҳақда 11 март куни хабар берди. Бунгача ишлаб чиқарувчи 2017 йил июнь ойида (Spark, Nexia ва Cobalt) ва 2018 йил августда (Lacetti, Damas ва Malibu) автомобиллар нархини оширган эди.

Шавкат Умурзоқовнинг таъкидлашича, компанияга қўшилишдан олдин (2018 йил июнь ойида) UzAuto Motorsнинг қарийб 500 миллион доллар қарзлари бўлган ва бир қатор автомобиль моделлари зарарига ишлаб чиқарилган (1000 доллар ва ундан юқори). Унинг сўзларига кўра, автомобиллар таннархига бир неча омиллар таъсир кўрсатди:

  • 2017 йил сентябрь ойидан бери доллар айирбошлаш курсининг ўсиши сабабли Spark, Nexia, Cobalt моделлари учун сўмдаги таннархлар 22,2% га, Lacetti ва Damas таннархи 14,3% га ошди;
  • хом-ашё нархлари индексининг 25 фоизга ўсиши, таннархнинг сўмда 2,7% га ўсишига олиб келди;
  • коммунал хизматлар нархлари 9,7% га ошди, бу эса ўз навбатида, таннархнинг 0,2% га ошишига олиб келди;
  • автомобиль қисмларини ташиш бўйича хизматлар тарифларининг 6,7% га ўсиши, сўмдаги нархларнинг 0,3% га ошишига олиб келди.

«Ўзавтосаноат» раҳбари таъкидлаганидек, «агар компания шунчаки пул ишлаб олмоқчи бўлса, унда нархлар 3−4% га эмас, балки 40% га кўтарилар эди».

«Аммо биз таннархни пасайтириш ва харажатларни камайтириш ҳисобига нархларни ушлаб турдик. Эски нархларни ушлаб туриш мумкин бўлган жойда биз уларни ўзгартирмадик. Бошқа автомобилларда нархни кўтаришга тўғри келди», деди у.

Шавкат Умурзоқов нархларни ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва харажатларни оптималлаштириш орқали ушлаб турилганини таъкидлади. Хусусан, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2018 йил охирида UzAuto Motors ишлаб чиқариш харажатларини 936 млрд. сўмга (7,7%), 2019 йилда 814 млрд. сўмга (6,6%) камайтирди ва 2020 йилда 1,2 трлн сўмга харажатларни камайтириш кутилмоқда.

«2017−2018 йилларда компания 3% дан 17% гача зарар ҳисобига қатор автомобилларни ишлаб чиқарар эди, имтиёзлар ва икки хил валюта курсларига қарамай, 500 миллион доллардан ортиқ қарздор эди. Аммо кейин биз нархларни бироз кўтардик (2018 йил август ойида 7,7 фоизга), таннархини камайтириш ва харажатларни оптималлаштириш орқали компания ўз-ўзини таъминлашга эришди ва фойда олди», — дея изоҳлади «Ўзавтосаноат» раиси.

У оммабоп автоуловларнинг даромадлилиги паст, Malibu, Тracker ва бошқа премиум автомашиналар эса юқори маржаларга эга эканлигини таъкидлади.

«Нега Lacetti 3 фоизга кўтарилди? Чунки биз унга нархларни 2018 йилда кўтарган эдик. Бошқа автомобиллар нархлари оширилмаганлиги учун ҳозир кўпроқ фоизга ошди», — деди у.

«Ўзавтосаноат» раҳбари таъкидлашича, акциялар ва чегирмалар доирасида харидорларга 27 мингдан ортиқ машина сотилган ва бу уларга 114 миллиард сўмдан кўпроқ маблағни тежашга имкон берган. Компания маблағлари ҳисобидан мижозларга шунингдек 1,3 трлн. сўм миқдоридаги 25 мингдан ортиқ автомобил фоизсиз тўловлар асосида берилди.

Шавкат Умурзоқов таъкидлашича, компания автомобиллар таннархини пасайтириш бўйича ўз мажбуриятларини бажарди, бу доллар қийматида уларнинг арзонлашишига олиб келди.

Доллардаги нархлар бозор курси бўйича ҳисобланган. Манба: «Ўзавтосаноат»

Масалан, кескин девальвациядан сўнг, Cobalt автомобили (LT c/к) 2017 йил сентябр ойида 83,9 миллион сўм (10 752 доллар) га тушди. 2018 йил август ойида унинг қиймати қўшимча опциялар қўшилиши сабабли 84,2 миллион сўмга ($ 10,722) ошди ва 2019 йил октябр ойида автомобил ишлаб чиқарувчилар учун ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинган пайтга қадар Cobalt йўл фондига бож ундиришни ҳисобга олган ҳолда 87,1 миллион сўмга (9252 АҚШ доллари) сотила бошланди — айирбошлаш курси ўзгарганлиги туфайли доллар курсида автомобил арзонлашди. 4-мартдаги охирги нарх 95,8 миллион сўм (10 070 АҚШ доллари) этиб белгиланди, бу 2017 йил нархларидан 682 долларга паст, деб таъкидлади «Ўзавтосаноат» раҳбари.

«Агар сиз Nexia 3 русумли автомобил нархининг динамикасига назар ташласангиз, кескин девалвациядан сўнг, 2017 йил сентябр ойида Nexia 3 (LT М\Т) автомобили 73,2 миллион сўм (9389 доллар) га тушди. 2018 йил август ойида қўшимча қийматлар қўшилиши сабабли унинг қиймати 73,7 миллион сўмга (9 391 АҚШ доллари) ошди ва 2019 йил октябр ойида автомобил ишлаб чиқарувчилар учун ҚҚС имтиёзлари бекор қилинганда Nexia 3 автомобил йўллари жамғармаси учун тўловларни ҳисобга олган ҳолда 75,9 миллион сўмга (8 069 АҚШ доллари) сотила бошланди — айирбошлаш курсининг ўзгариши туфайли доллар курсида автомобил арзонлашди. 4 мартдаги сўнгги нарх 87,3 миллион сўм (9182 доллар) этиб белгиланди, бу 2017 йилдаги нархдан 207 долларга паст «, — деди Шавкат Умурзоқов.

Spark га келсак, автоуловнинг ҳозирги қиймати доллар нархида 2017 йилдаги нархларга нисбатан, LS М/Т ускуналари нархи 580 долларга пасайди, LT А/Т эса 275 долларга кўтарилди. 2018 йилги нархлар билан таққослаганда, Malibu барча ускуналар бўйича 305 дан 5262 долларга, Lacetti 1642 ва 1868 долларга арзонлашди.
Шу билан бирга, Damas нинг «доллар» қиймати 223 ва 230 долларга ошди, 495 долларга нархи пасайган LABO позицияси бундан мустасно.

Биз ўз мажбуриятларимизни бажардик. Биз автомобиллар нархини пасайтирдик ва шу билан бирга ҚҚС бўйича мажбуриятларни ўз зиммамизга олдик (ҚҚС имтиёзлари бекор қилингандан кейин UzAuto Motors нархларни оширмади — таҳр.). Шунга қарамай, биз давлат бюджетига даромадлар келтирадиган, шунингдек, инвестицион муҳитни яхшилаган даромадли компания бўлдик", — деди Шавкат Умурзоқов.

Бундан ташқари, «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси UzAuto Motors нинг янги автомобилларининг нархларини турли хил мамлакатларда шунга ўхшаш бўлган моделларга таққослади:

  • Мексикада Spark енгил модификациясининг нархи 11−14 минг долларни, Ўзбекистонда 7−9 минг долларни ташкил қилади;
  • Бразилиядаги Cobalt — 15−16 минг доллар, Ўзбекистонда 10−12 минг доллар;
  • Мисрда Nexia 3 нархи 12 минг доллар, Ўзбекистонда эса 9−11 минг доллар туради.

2019 йил 1 октябрда UzAuto Motors «тўлақонли солиқ тўловчига» айланиб, солиқ имтиёзларидан маҳрум бўлди. 2019 йилда компаниядан бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга солиқ тушумлари 2,5 триллион сўмни (263 миллион доллар) ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 4,2 триллион сўм (442 миллион доллар) миқдорида бўлиши кутилмоқда.

Унинг таъкидлашича, 1,5 йил ичида компания банклар олдида 300 миллион доллардан ортиқ кредит мажбуриятларини бажарди. Умуман, 543 миллион долларлик қарзлар ёпилди, дея қўшимча қилди у.

Шавкат Умурзоқов шунингдек, ёш ва истиқболли мутахассислар, хорижий ходимларни жалб қилиш, шунингдек, савдо тизимидаги коррупцияга тўлиқ барҳам бериш, автоуловларни етказиб бериш вақтини қисқартириш, сифатни яхшилаш, ишлаб чиқаришни сезиларли равишда кўпайтириш, автомобиллар таркибини кенгайтириш ва янгилаш бўйича қилинган ишларни эслатиб ўтди.

2020 йилда UzAuto Motors ишлаб чиқариш ҳажмини 300 мингта автомобилгача ошириш режалаштирилган. Ўтган йили бу кўрсаткич рекорд даражадаги 271,1 мингга, 2018 йилда 220,6 мингга, 2017 йилда эса 140,2 мингга етган эди.

Аввал хабар берганимиздек, «Ўзавтосаноат» импорт қилинадиган хорижий автомобилларга божларни камайтиришни таклиф қилган эди.