Ўзбекистон ҳукумати 12 март куни Эронга инсонпарварлик ёрдамини юбориш тўғрисида фармойиш қабул қилди, дея хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Фармойишга кўра, Эрон ҳукуматининг коронавирус касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур буюм ва воситалар билан таъминлашда ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаатини қўллаб-қувватлаш, ушбу инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида Эронга қуйидаги тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдами юборилади:

  • бир марталик стерил тиббий қўлқоплар;
  • ҳимоя қилувчи комбинезон;
  • махсус тиббий форма;
  • тиббий ниқоблар;
  • тиббий дока;
  • тиббий спирт;
  • гигиеник гель;
  • «Rutan» таблеткалар.

Инсонпарварлик юкини кузатиб бориш ва топшириш учун Эронга фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари бошчилигида Ўзбекистон делегацияси юборилади.

Ўзбекистон февраль ва март ойларида Хитойга коронавирусга қарши курашиш учун икки марта гуманитар ёрдам жўнатган эди.