Ўзбекистондан Хитойга гуманитар ёрдам жўнатилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармойишга мувофиқ юборилаётган ушбу кўмак коронавирус янги турининг кенг тарқалишини олдини олиш, эпидемиологик вазиятни жиловлаш ҳамда уни маҳаллийлаштириш, касалликка қарши кураш ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Вазирлар Маҳкамаси ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, гуманитар юк таркибида энг зарурий тиббий анжомлар, хусусан Хитойда айни пайтда талаб этилаётган бир марта қўлланадиган стериль қўлқоплар, ҳимояловчи уст кийим, ниқоб ва бошқалар мавжуд.


Гуманитар юкни Хитойга элтиб қўйиш вазифаси Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига юклатилган.

«Хитой қудратли давлат, улар кўп амалий ишларга қўл урган, саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Бу давлатнинг қудрати ва имкониятларини инобатга олган ҳолда, улар синовни енгиб ўтишига ишонамиз», — дея журналистларга муносабат билдирган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов.


«Ўзбекистон дўст ва ҳамкор сифатида ХХРга ҳар томонлама ёрдам кўрсатади. Бу ҳам маънан, ҳам амалий ёрдам бўлади. Бунинг исботи ўлароқ, президентимиз томонидан Хитойга гуманитар ёрдам юбориш бўйича фармойиш имзоланди», — деди у.

Ҳукумат ахборотига кўра, гуманитар ёрдамнинг иккинчи партияси ҳам шакллантирилмоқда. Мамлакатдаги тўқимачилик корхоналарида Хитойга юбориш мақсадида тиббий ниқоб ва ҳимоя кийимлари тайёрланмоқда.