XXI аср аёллар тенглиги асри бўлиши керак, деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 8 март Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган мурожаатида.

БМТ бош котибининг сўзларига кўра, гендер тенглиги, бу — ҳокимият масаласи. Кучлар мувозанатининг ўзгариши ушбу асрнинг баъзи вайронкор ва ҳал этиш қийин бўлган муаммоларини бартараф қилишда катта аҳамиятга эга, деди у.

«Истерик ва гормонал беқарорлиги устидан кулишдан тортиб, кунда-кунора аёлларни ташқи қиёфаси юзасидан муҳокама қилишгача, аёл вужудининг табиий вазифалари атрофидаги миф ва табулардан тортиб, менсплейнинг (эркакларнинг аёллар билан илтифотли мулоқот услуби — таҳр.) ва виктимблейминггача (қурбонларни айблаш — таҳр.) — ҳар жойда аёлларни ёмон кўриш ҳукмрон», — деди Гутерриш.

БМТ бош котиби аёл етакчиларни воситачилик ва тинчлик жараёнларига жалб қилиш дунёни янада мустаҳкам ва барқарор қилишини таъкидлади. «Биз фавқулодда иқлим шароитларини енгиб ўтишни хоҳласак, гендер тенглик жуда муҳим», — деди у.

Гутерришнинг фикрича, аёлларнинг тенг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятлари барча учун манфаатли глобал адолат қуришда глобал аҳамиятга эга.

«Бу оддий математика. Аёлларнинг иштироки институтлар самарадорлигини оширади», — дея хулоса қилди у.

Халқаро хотин-қизлар куни арафасида БМТ Тараққиёт дастури эълон қилган ҳисоботга кўра, дунёдаги ҳар ўн эркакнинг тўққизи аёлларга нисбатан нохолис муносабатда бўлади. Мутахассислар дунё аҳолисининг 80 фоиздан кўпроғи яшайдиган 75 мамлакатда тўпланган маълумотларни таҳлил қилишди.

Респондентларнинг деярли ярми эркаклар кўпроқ муваффақиятга эришган сиёсатчилар эканлигига ишонишади ва 40 фоиздан кўпроғи эркаклар корхоналарни бошқаришда яхшироқ деб ҳисоблашади. 28 фоиз эркак ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда кўплаб мамлакатларда эркаклар ва аёллар ўртасида тенг ҳуқуқлар зарурлигига шубҳа билан қараш кучайиб бормоқда.

БМТТД ҳукуматларни таълим, хабардорликни ошириш ва рағбатлантиришни ўзгартириш орқали камситувчи қарашлар ва амалиётларни ўзгартиришга, масалан, болаларни парвариш қилиш бўйича вазифаларни адолатли равишда тақсимлаш учун солиқлардан фойдаланиш ёки аёллар ва қизларни анъанавий равишда эркаклар ҳукмрон бўлган соҳаларда, масалан Қуролли кучлар ва ахборо технологиялари соҳаларида ишлашга ундашга чақирмоқда.