4 март куни Вазирлар Маҳкамасида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича республика махсус комиссиясининг Covid-19 — коронавируснинг мамлакат туризм соҳаси ривожига таъсирини ўрганиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Видеоселектор тарзида ўтган тадбирда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари ва ушбу ҳудудлардаги соҳа тадбиркорлари, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси, Отельерлар ассоциацияси, Ошпазлар, Рестораторлар уюшмалари раҳбарлари ва аъзолари қатнашди.

Йиғилиш иштирокчилари туризм соҳаси субъектлари фаолиятида қайд этилаётган зарарлар, жумладан сайёҳлик гуруҳларини жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар ҳамда уларни тезкор ҳал қилиш ҳамда ушбу йўналишда қўшимча имкониятларни излаш, долзарб муаммоларга тезкор ечим топишга доир масалаларни муҳокама қилди.

Туроператорлар дунёда коронавируснинг таъсири остида йўқотишли келиши кутилаётган мавсум учун солиқ таътилини эълон қилиш ҳамда авиа ва темир йўл транспорти чипталари бекор қилинганлиги учун жарималарни бекор қилишга оид таклифларини илгари сурди.

Бундан ташқари, туроператорлар вақтинча бекор қилинган йўналишлар туфайли бўш турган самолётларни коронавирусдан ҳоли бўлган Туркия, Қозоғистон каби давлатларга ҳамда ички авиақатновларга йўналтиришни таклиф қилишди. Бунда улар ушбу парвозларни Тошкент билан бирга Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортлари орқали ҳам амалга ошириш ҳамда Урганч ва Бухоро шаҳарларини кунлик авиақатновлар билан боғлаш имкониятларини кўриб чиқишни сўрашди.

Муҳокамалар якунига кўра, мутасадди ташкилотлар томонидан коронавируснинг туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ҳукуматга киритилиши белгиланди.