25 февраль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг йиғилишида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси икки ўқишда қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, тўй, маърака ва бошқа маросимларни ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурига асосан тайёрланган.

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Парламент қуйи палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов ўтган йили парламент ушбу масалани тартибга солувчи низом қабул қилгани, аммо бир вақтнинг ўзида тартиб бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаганига изоҳ берди.

«Икки палата тайёрлагандан кейин, низомнинг ўзи қонун билан тенглаштирилган. Тартибни бузганлик учун жавобгарлик масаласи бирдан қабул қилинмади. Чунки ҳужжатнинг ўзи жамиятда профилактик ишларни олиб борди», — деди у.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 191−1-моддаси («Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузиш») билан тўлдирилмоқда.

Белгиланган тартибни мазкур тадбирларни ўтказувчи шахс томонидан бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида (2,23 млн сўм) жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутиляпти. Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан бу тартибнинг бузилиши эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида (6,69 млн сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида (11,5 млн сўм) жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Таклиф этилаётган нормалар қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: Алишер Рўзиохунов / «Газета.uz».

Баҳс-мунозараларда айрим депутатлар, хусусан «Миллий тикланиш» демократик партия фракцияси етакчиси Алишер Қодиров тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни аҳолига эмас, балки мутасадди раҳбар, ваколатли масъуллар учун кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

«Биз истаяпмизки, одамлар тартиб ва қонунга амал қилсин. Агар белгиланган тартибга бўлган талабга риоя этилмаса, жазоланади. Лекин тўй ва маросимлар бизнинг ажралмас қисмимиз. Қонун кучга кириб, амалга татбиқ этилса, тўйга келувчи одам сони саналади. Биз фақат ташкилий жиҳатдан яхши ўтадиган тўйларни тасаввур қиляпмиз. Ҳудудларда тўйга келувчиларнинг саноғини чиқаришда қандай жиҳатларга эътибор қилиш ҳам муҳим. Манфаатлар тўқнашиб, келишмовчиликлар юзага келиши мумкин. Шу боис жазони аҳолига эмас, тўйларни ўтказадиган жойларга қаратиш лозим, деб биламан», — деди у.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши таклиф этилаётган ҳуқуқбузарликни аниқлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда ўрнатилган тартибда маъмурий судга юбориш масаласини ички ишлар органларига юклаш назарда тутилмоқда. Шу туфайли, Қодиров сўзларини Олтинсой туманида юз берган аҳоли ва давлат идора ходимлари тўқнашуви билан ифода этди.

«Аҳолимизни ер масалалари оид муаммолар жуда қийнаб турибди. Олти минг гектардан ортиқ ерлар ноқонуний эгаллаб олинган. Биз ҳам бу ўринда одамларни айбдор кўрсатишни истамаймиз, аммо ким хато қилган? Ҳокимиятлар, кадастр ва ваколатлари органлар ичида порахўрлик бор, товламачилик бор. Аммо амалда, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта муаммо қаршисида турибмиз. Аҳоли кескин ўсиш даражаси кузатилмоқда, сув ва ер майдонлари эса камайиб кетмоқда. Айнан шундан келиб чиқиб, таклиф қиляпмизки, одамларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга мутаносиб бўлган жазо методлари керак. Одамлар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаб етсин. Мутаносибликка эришмай, жазони кучайтиравериш жамиятдаги ҳозирги кескинликни келтириб чиқаради. Бунга яққол мисол — яна ер масаласи. Бунга ўхшаш ҳолатни тўйлар ҳам келтириб чиқармаслиги керак», — дея фикрини билдирди Алишер Қодиров.

Бошқа депутатлар эса, кўзда тутилаётган жарима миқдорларини янада кескин ошириш бу борадаги тартиб-интизомни таъминлашда муҳим омил бўлишини қайд этди. Марғилонлик депутат Дониёр Ғаниев дабдабали тўй ўтказиш тартибини бузиш ҳолати, катта эҳтимол билан, юқори мансабли амалдорлар тарафидан бузилишини таъкидлади.

Фото: Алишер Рўзиохунов / «Газета.uz».

"Тартиб самарали ишлаши учун мансабдор шахслар намуна кўрсатиши керак. Чунки дабдабали тўйлар асосан мансабдор шахслар томонидан амалга оширилади ва эътирозларга сабаб бўлади. Қолаверса, бу коррупцияга ҳам боғланади. Шунинг учун тартиббузар тўй эгасига қўйиладиган жазо, яъни жарима миқдори оширилсин. Ресторан ва кафе эгалари эса тартибни бир йил ичида учинчи марта бузгани учун оғирлаштирувчи ҳолат назарда тутилмаган. Ваҳоланки, бу қўшимча 10 млн сўм харажат бўлиб қолади, холос", — деди у.

Тошкент вилоятидан сайланган депутат Мақсуда Ворисова ҳам кафе ва ресторан эгалари тартиб бузган тақдирда белгиланган жарима жазоси етарли таъсир кучига эга эмаслигини қайд этди.

«Чунки базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридаги жарима 6 млн сўмдан зиёд бўлади ва улар бу тўловни тўй эгалари зиммасига юклайди. Тўйхона эгаси учун жарима жиддий миқдорда бўлиши керак, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараварига оширилиши лозим. Тўйдан ташқари, тўйгача ва ундан кейин қарийб бир йил давом этадиган дабдабали маросимларга ҳам таъсирчан чора кўриш мақсадга мувофиқ бўлади», — деди Мақсуда Ворисова.

Депутат Зафар Худойбердиевнинг айтишича, тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш учун йилига 5−6 млрд доллар сарфланади. У қонун лойиҳасида тартибга бўйсунмаган тўй эгаларини бир йил ичида такрорий жавобгарликка тортилмаслигига қизиқди.

«Асосий мақсад — профилактика иши. Жавобгарликка тортиб, ҳисоботни ошириш эмас, мақсадимиз айнан одамларни тўғри йўлга бошлаш. Бир йил ичида такрорий тартиббузарлик қилган шахслар яна шу модда бўйича жавобгарликка тортилади», — дея жавоб берди адлия вазири Русланбек Давлетов.