Омонулло Забиҳуллаевич Насриддинхўжаев янги тайинланган молия вазири Тимур Ишметовнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди, деб хабар бермоқда «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаси.

Шу пайтгача у президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Омонулло Насриддинхўжаев Тошкент давлат университети (1994), Италиядаги Боккони университети бошқарув мактаби (2002) ҳамда Ҳарвард ишбилармонлик мактаби (2016) битирувчиси саналади.

У турли йилларда Марказий Осиёдаги Жаҳон банки ваколатхонасининг халқаро таҳлилий бошқармасида (1994−1995), Credit Suisse Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари (1995−1998), Ўзбекистондаги Credit Suisse First Boston ваколатхонаси раҳбари (1998−2000) лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистондаги БМТТД қатор лойиҳаларини бошқарган Насриддинхўжаев 2005—2006 йилларда Халқаро молия корпорациясида молия масалалари бўйича маслаҳатчи, шунингдек, ташкилот доирасида Марказий Осиёда ипотека кредитини ривожлантириш лойиҳаси раҳбари ўринбосари лавозимида меҳнат қилган.

Бундан ташқари, у 2007−2010 йилларда Алишер Усмонов бошқарувидаги «Южно-уральская горно-перерабатывающая компания» МЧЖда (USM Holdings таркибига киради) ишлаган. Шундан кейин «Металлоинвест» ҳолдинг компанияси (USM Holdings таркибига киради) директори ўринбосари бўлган. 2011−2016 йилларда Насриддинхўжаев «Байкальская горная компания» АЖда (USM Holdings таркибига киради) раис ўринбосари, 2016 йилдан бошлаб, молия ва иқтисодиёт масалалари бўйича бош директори бўлган.