Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига Раҳмат Маматов номзодини маъқуллади. Бу ҳақда «Халқ сўзи» нашри хабар қилди.

Айни пайтда у Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 февраль куни ўтказилган навбатдаги мажлисида Ўзбекистон президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарининг мазкур фармони билан Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилмоқда. Депутатлар мазкур Фармонни тасдиқладилар.