Халқаро атом энергетикаси агентлиги (ХАЭА, МАГАТЭ) Ядровий инфратузилмасини комплекс кўриб чиқиш бўйича миссияси 2020 йил октябрда Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Экспертлар Ўзбекистонда ядровий-энергетика дастурининг хавфсизлиги, ишончлилиги ва барқарорлиги ҳамда миллий ядро инфратузилма ҳолатини ҳар томонлама баҳолаш мақсадида иш олиб боради. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

10−14 февраль кунлари агентликнинг Венадаги бош қароргоҳида ўтказилаётган Физикавий ядровий хавфсизлик бўйича халқаро анжуманда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси раҳбари энергетика вазири Алишер Султонов анжуманда нутқ сўзлади.

Вазир таъкидлаганидек, «мустақилликка эришилгандан буён ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси ядровий қуролсизланиш ва оммавий қирғин қуролини тарқатмаслик жараёнларига изчил равишда содиқ бўлиб қолмоқда. Шунингдек у Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва ХАЭСА ўртасидаги кафолатларни қўллаш тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини оғишмай бажариб келмоқда».

Айни пайтда таъкидландики, Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, шунингдек электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш учун энергетика тармоғининг келгуси ривожланишини чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида ўзининг ядровий энергетикасини яратиш бўйича таклиф ишлаб чиқилган.

Ушбу таклифни тайёрлашда кўп сонли омиллар, жумладан, энергетик хавфсизликни таъминлаш зарурияти, атроф-муҳитга углерод чиқарилиши миқдорини қисқартириш ва бошқалар ҳисобга олинди. Вазир ўз нутқида биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича қарор қабул қилиниши ядровий инфратузилмани яратиш бўйича фаолиятни ривожлантириш учун туртки бўлиб хизмат қилганини эътироф этган.

Энергетика вазири Алишер Султонов. Фото: Вазирлик ахборот хизмати

«Жумладан, «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. 2019−2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси ва мамлакатнинг ядровий-энергетик дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш стратегияси қабул қилинди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Энергетика вазири МАГАТЭ билан самарали ҳамкорликни қайд этди, унинг доирасида 2020 йилнинг биринчи ярмида ташкилотнинг юқори малакали экспертларини жалб қилган ҳолда 15та миллий семинар ўтказилиши режалаштирилган.