«Ўзархив» агентлиги тасарруфида бўлган барча ҳужжатларнинг фақат 2−3 фоизи рақамлаштирилган. Уларнинг барчасини мавжуд ресурс ва техника ёрдамида рақамли кўринишга ўгириш учун 60 йилдан кўп вақт талаб этилади. Бу ҳақда агентлик директори Улуғбек Юсупов «Газета.uz» мухбирига маълум қилди.

Таъкидланишича, агентликда 695 минг сақлов бирлигида ҳужжатлар рақамлаштирилган. Ушбу кўрсаткич ўта қимматли ҳужжатлар сонига нисбатан 8−9 фоизни, барча ҳужжатларга нисбатан эса 2−3 фоизни ташкил этади.

«Ҳар йили ҳужжатлар сони кўпаяди, архив эса ҳар доим кенгаяди. Мазкур рақамлар 2019 йилда эришилган натижалардан келиб чиқиб, айтилмоқда. Ҳужжатлар бундан кейин ҳам кўпайишини инобатга олсак, рақамлаштириш бўйича фоиз кўрсаткичи яна тушиб кетади», — дея қайд этди Улуғбек Юсупов.

Директорнинг айтишича, сақланаётган айрим ҳужжатлар, хусусан шахсий таркиб ҳужжатларида қўлда ёзилган қоғозлар жуда кўп. Қолаверса, кўп ҳужжатларни рақамлаштиришдан самара ва манфаатдорлик юқори бўлмайди.

«Биринчи навбатда, тизимнинг ўзини рақамлаштириш лозим. Фуқаролар архив хизматидан фойдаланиш учун марказга келиб юриши ўрнига, маълумотларни идоралараро алмашинувини йўлга қўямиз. Масалан, шахсий таркиб ҳужжатларини рақамлаштириш катта маблағ, вақт ва меҳнат талаб этади. Ушбу ҳужжатлар 75 йил сақланади, аммо тажрибада бир марта мурожаат қилинади», — деди у.

Архив ҳужжатларини рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш учун тегишли идора ва ташкилотлар ўз фаолиятига доир ҳужжатларни рақамлаштириб бормоқда. Қолаверса, умумий манфаатларга мувофиқ келувчи ҳужжатларни рақамлаштириш устувор аҳамиятга эга бўлади.