Адвокатура соҳасида давлат томонидан тайинланадиган ҳимоячилар билан боғлиқ муаммолар бор. Кўп ҳолатларда айрим адвокатлар кўп ишларда айланаверади, деди адлия вазири Русланбек Давлетов.

3 февраль куни журналистлар билан ўтказилган вазирлик ҳисобот йиғилишида вазир «Газета.uz» мухбирига давлат томонидан тайинланадиган айрим ҳимоячилар чин дилдан ҳимояга отланмаслигини маълум қилди.

Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси 50-моддасига мувофиқ, танланган ҳимоячининг 24 соат ичида ишда иштирок этишга киришишга имконияти бўлмаган ҳолларда, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига ёхуд уларнинг қариндошларига бошқа ҳимоячини таклиф этишни ёки ҳимоячи тайинлашни сўраб, Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаларига мурожаат қилишни тавсия этади.

Вазир «Газета.uz» мухбири саволига жавоб қайтариб, қонунчиликдаги ушбу тартиб, тергов органига ғализ ваколатни бериб қўйишини айтди. У вазиятдан хабардорлигини билдириб, бу жараённинг айнан мана шу муносабатлар қисмида адлиянинг ўрни йўқлигини таъкидлади.

«Расмий равишда ўрни йўқ. Биз шунинг учун шу тизимга аралашиб, ҳозир яъни қарор лойиҳаси қилганмиз: бепул ҳуқуқий маслаҳат марказларини тузайлик, вилоят даражасида ва республика даражасида ҳамда адвокатларни тайинланиши марказ томонидан тартибга солинсин, деган лойиҳа ишлаб чиққанмиз», — дея қайд этди адвокатлари фаолиятига таъсир қилиш ваколатида эмаслигини таъкидлаган Русланбек Давлетов.

Маълум қилинишича, янги таклифга биноан, барча ҳудудларда бепул ҳуқуқий маслаҳат марказлари ташкил этилади. Марказ фаолиятидан адвокатларни автоматик вазифаларга тайинлаш тизими ишга тушади.

«Инсон омили аралашмайди, барча ҳимоячилар умумий базага киритилади. Тизимнинг ўзи автоматик танлаб берган адвокат ўша ишда қатнашишга мажбур, бу унинг чекига бир йилда икки марта тушиши мумкин. Масалан, Америка тажрибасида мавжуд ушбу тизим орқали мурожаат қилган шахс давлат томонидан ҳимоячи тайинланишини сўрайди. Баъзан жуда кучли адвокатга тўғри келади, у шу ишда қатнашади. Миллионлар сарфлаб бўлса-да, обрў ва номи учун шу ишда ғалаба қилишга интилади», — деди Давлетов.

Вазирнинг қўшимча қилишича, айни пайтда лойиҳа Молия вазирлиги мутасаддилари билан келишувга киритилган.