Жиззах вилояти Пахтакор туманида истиқомат қилган, асли озарбойжонлик Арамаис Авакян жазони ижро этиш манзил-колониясидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

1982 йилда туғилган Арамаис Авакян Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. У 2016 йили 19 февралда суднинг тегишли қарори билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Ўшанда Авакян Жиноят кодексининг 159 моддаси («Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш»), 161 моддаси («Қўпорувчилик»), 169 моддаси («Ўғрилик»), 244−1 моддаси («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш») ва 244−2 моддасида («Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш») назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли, деб топилганди.

2016 йили 22 март куни Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судида аппеляция инстанциясида суд қарори устидан шикоят кўриб чиқилган ва ҳукм ўзгаришсиз қолганди. Орадан икки йил ўтиб, май ойида Авакян жазони ижро этиш манзил-колониясига ўтказилганди.

Жорий йил 31 январь куни бўлиб ўтган Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов коллегияси қуйи инстанция қарорларидаги Авакянга тегишли қисми ўзгартирилди. Унинг жазо муддати 4 йил, 4 ой ва 27 кунгача қисқартирилди. Айни пайтда жазо муддатини ўтаб бўлган Арамаис жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм фермернинг озод этилганига муносабат билдириб, буни олқишлади.

«Ўзбекистон жойларда ҳокимиятдан ғайриқонуний фойдаланиш оқибатида қамоққа ноҳақ тушган Арамаис Авакянни қўйиб юборганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Бу Мирзиёев бошқарувидаги Ўзбекистонда қонун устуворлиги сари қўйилган яна битта қадам», — деб фикр билдирган у Твиттер саҳифасида.

2016 йили май ойида АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги миссияси Авакян адвокати бўлган Одил Қобиловнинг қўлга олинишидан хавотирини билдирганди. Шу йилнинг июнь ойида адвокат қўйиб юборилган.