Россияда короновирус инфекциясига чалиниш бўйича иккита ҳолат аниқланди, ҳар иккала бемор ҳам Хитой фуқаролари, деб хабар берди Новости РАА.

Биринчи ҳодиса Байкалорти ўлкасида, иккинчиси эса Тюмен вилоятида қайд этилди.

Беморларнинг аҳволи барқарор, клиник аломатлар ва иситма йўқ, деди Россия бош санитария врачи Анна Попова. У мамлакатда вирус тарқалиши хавфи йўқлигини таъкидлади.

Мамлакатда коронавирус билан курашиш бўйича қўшимча чоралар кўрилмоқда, деди бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова.

Бош вазир ўринбосари Уханда 300 нафар, Хубэйда эса 341 нафар Россия фуқаросини эвакуация қилиш бошлангани ҳақида маълум қилди. Россия ҳукумати Хитойдан қайтиш истагидагилар сони ҳамда россияликларни ташиш учун ХХРга парвоз қиладиган самолёт ва уларни икки ҳафта давомида карантинда сақлаш учун биноларни белгилаб олмоқда.

Бундан ташқари, Россия «Аэрофлот»нинг Пекин, Шанхай, Гуанчжоу ва Гонконгга амалга оширадиган рейсларидан ташқари, Хитой билан барча йўловчи қатновларини ёпмоқда.

Янги турдаги коронавирус қурбонлари сони 213 нафарга етган бўлса, касалланганлар 9800 кишидан ошди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касаллик тарқалиши муносабати билан халқаро миқёсдаги фавқулодда ҳолат эълон қилди.