Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Қашқадарё вилояти Чироқчи туман ИИБ ходимлари томонидан уч эркакнинг калтакланиши ва улардан бирининг вафот этиши юзасидан изоҳ берди. Хабарда мамлакатда ҳар қандай кўринишдаги жиноятларга нисбатан муроса қилиб бўлмаслиги таъкидланди.

«Газета.uz» Daryo нашрига таяниб мол ўғирлигида гумонланаётган 32 ёшли Ю. А.нинг ИИБ ходимлари томонидан калтаклаб ўлдирилиши ҳодисасини ёпти-ёпти қилишга урингани ҳақида ёзган эди. Ҳалок бўлган фуқародан ташқари, ота-ўғил Қурбон Остоноев ва Баҳром Алиқулов ҳам шафқатсиз равишда калтакланган. Улардан калтакланганини айтмасликни сўраб, бунинг учун рози қилинишига ваъда беришган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўладиган даражада қасддан баданга шикаст етказиш), 235-моддаси 3-қисми (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши доирасида икки нафар ИИБ ходими қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Бош прокуратураси назорати остига олинган.

Ички ишлар вазирлигига ички ишлар органлари ходимларининг хизмат визифалари қонун асосида бажарилишини ташкил қилиш, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кучайтириш топширилди.