Кинорежиссёр Нозим Тўлахўжаев «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмаси асосида «Танҳо қайиқ» бадиий фильмини суратга олди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Киноасар сюжетига кўра, Орол бўйидаги кимсасиз овулда кекса бир қайиқсоз ёлғиз яшайди. У теварак-атрофдаги овуллардан бекорчи ёш-ялангни ёнига олиб, уларга ота-боболардан қолган бу қадимий касбни ўргатади ва шунинг баробарида чин инсонийликдан сабоқ беради. Денгиз эса юзлаб чақирим нарига кетиб қолган. Лекин қария бир кунмас-бир кун унинг сувга тўлажагига ишонади. Бу шунчаки орзу ёхуд ҳавойи ишонч эмас. Чолнинг қатъий фикрича, «бунинг учун биз — одамлар ҳалол, инсофли ва олижаноб яшамоққа аҳд қилсак, кифоя».

Фото: Фильмдан лавҳа.

Фильм ижодкорларининг таъкидлашича, Орол фожиаси — бир баҳона, асар аслида инсон қалбининг дағаллашиб, қуриб-саёзлашиб борувидан пайдо бўладиган фалокатлар ҳақида.

Картинада Ражаб Адашев, Гулсанем Абатбаева, Бунёд Раҳматуллаев, Мурод Насимов, Озодбек Хуррамов, Сарвар Илҳомов, Бобур Йўлдошев, Шодия Абдуқодирова, Дилором Каримова каби актёрлар рол ижро этган. Унинг умумий бюджети 1 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этади.

Фото: Фильмдан лавҳа.

«Танҳо қайиқ» бадиий фильмининг постановкачи оператори — Оскар Бахтеев, постановкачи рассоми — Шуҳрат Абдумаликов, бастакори — Дмитрий Янов-Яновский. Фильм томоша учун тайёр, аммо премьера санаси белгиланмаган.