Ўзбекистон очиқ, прагматик, чуқур ўйланган ташқи сиёсат курсидан боради. Мамлакат ташқи сиёсатида Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва тараққиёти устувор аҳамиятга эга, дея маълум қилди ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Халқаро пресс-клубнинг 25 январь куни ўтказилган сессиясида нутқ сўзлаган Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасидан келиб чиқиб, сиёсий масаладаги айрим саволларга тўхталиб ўтди.

«Ташқи ишлар масаласида асосийларидан бири — йирик, стратегик ҳамкорлик мавжуд давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш. Булар, аввало, буюк давлатлар — Хитой, Россия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Туркия, араб давлатлари ва Европа Иттифоқи, Осиё мамлакатлари. Россия Федерацияси билан нафақат икки томонлама алоқаларни ривожлантирамиз: Ўзбекистон жорий йилда МДҲ раислигини қабул қилган», — деди Абдулазиз Комилов.

«Бундан ташқари, йирик халқаро ташкилотлар, хусусан Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти доирасида кўп тадбирлар бор, айримлари Ўзбекистонда ўтади. Икки томонлама ташрифларга тайёргарлик кўряпмиз», — қўшимча қилди у.

Президент мурожаатномасида ташқи сиёсатда интеграция масаласига алоҳида тўхталганди. Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий иттифоқини назарда тутган ҳолда, қуйидаги фикрни билдирган:

«Бу масалани бир йилдан бери ўрганяпмиз. Бу масалани энг аввало халқимизнинг манфаатлари, уларнинг орзу-истакларига таяниб ҳал қиламиз. Депутатлар ва сенаторлар ушбу масалани атрофлича ўрганиб, хулосалар беришни ўз зиммаларига олишлари лозим. Депутатлар қўлига қалам олиб масаланинг ижобий ва салбий томонларини ўргансин. Уларни айтгани бўлади. Маъқул деса — маъқул, номаъқул деса — номаъқул бўлади».

Айнан интеграция масаласида фикр билдирган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ЕОИИ, Жаҳон савдо ташкилоти ҳамда ЕИ билан батафсил музокаралар олиб борилаётганини айтди.

«Қайси шаклда, қайси қисмида Ўзбекистон мазкур интеграцион ташкилотларда иштирок этиши мумкинлигини аниқлаймиз. ЕОИИ бўйича кўплаб саволлар пайдо бўляпти. Аввало, бизнинг интеграцияга муносабатимизни билдирсам. Глобаллашув даврида бу — табиий жараён. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолиши мумкин эмас. Биз доим миллий ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, иш тутамиз», — дея таъкидлади вазир.

Абдулазиз Комиловнниг айтишича, Ўзбекистондан четга юборилаётган юкларнинг қарийб 80 фоизи Қозоғистон ва Россия ҳудудидан транзит орқали ўтади. Шунингдек, ҳал қилиниши лозим бўлган бошқа масалалар ҳам бор, деди у.

Ўзбекистон кун тартибида сиёсий муаммолар йўқлигини маълум қилган Абдулазиз Комилов интеграция масаласида четда қолмаслик, аммо жараённи чуқур ўрганишни билдирди.