24 январь куни Ўзбекистон томони ташаббуси билан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Россия ташқи ишлар вазир Сергей Лавровнинг телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар маҳкамаси ахборот берди.

«Томонлар аввалроқ Тошкентда бўлиб қайтган Россия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари билан ўтказилган музокаралар якуни, Ўзбекистон президентининг Россия Федерациясига амалга оширадиган давлат ташрифи бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилишди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Лавров ўзбекистонлик ҳамкасбини ўз лавозимига қайта тайинлангани билан табриклаган.

Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик масалалари Лавровнинг январь ўртасида Тошкентга ташрифи давомида ҳам муҳокама этилганди.

Ташриф муддати ва кун тартиби ҳозирча ошкор этилмаган. Россия нашрларининг ёзишича, у ёзда бўлиши мумкин.