Чирчиқ дала-ўқув майдонида Қуролли Кучлар академияси курсантлари билан турли хил шароитларда ўт очиш истеҳкомларини ўзгартирган ҳолатда пайдо бўлувчи ва ҳаракатланувчи нишонларга ўқ узиш бўйича амалий машғулот ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Полигонда қор бўлмаса ҳам изғирин забтига олган. Бироқ бу кундузги ва тунги ўқув машғулотларининг кўнгилдагидек ўтказилишига асло таъсир қилмади. Аксинча, ўғлонларнинг чидамлилиги, ўзларига ишончи яна ҳам ортишига хизмат қилди.

Иштирокчилар вазифани бажаришга астойдил киришиб кетишган. Бир томонда у қадар кўзга ташланмайдиган жойда икки нафар курсант бир-бирини ниқоблаяпти. Сомон парчалари, хашаклар билан «безанган» снайперлар либоси табиат билан уйғун бўлгани учун илғаш мушкул. Бошқа ўқув жойида иштирокчилар жанговар техникалардан отиш бўйича маҳоратларини синовдан ўтказаяптилар.

Шу ўринда ўқувчиларнинг эътиборини қаратишимиз лозим бўлган янги тажриба бор: машғулот раҳбарлари курсантлар орасидан сараланган. Бу эса уларнинг келгусидаги хизмат фаолиятларида асқотади. Мустақил фикрлашга, ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга ўргатади, нотиқлик маҳоратини оширади. Академиянинг масъул офицерлари эса жиддий камчиликка йўл қўйган пайтлари тегишли маслаҳат ва кўрсатмаларини бериб борадилар.

— Илгари мерганлик милтиғида машқ бажариш машғулотларини курсантлар офицерлар қўл остида ўтказишарди. Бугун эса белгиланган координаталардаги шартли душманларни йўқ қилиш операцияларини бажарар экан, ўзлари қарор қабул қиладилар. Замоннинг ўзи шуни талаб қилаяпти. Минтақадаги, жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда отиш машғулотларининг усул ва услубларини такомиллаштирган ҳолда курсантларни синовдан ўтказаяпмиз, — дейди подполковник Фурқат Юлдошев.

Машғулот иштирокчилари отиш машғулотларини шамол тезлиги, ҳаво зичлиги ва босимини инобатга олиб, нишонларни яксон қилиш жадвалига аниқлик киритган ҳолда бажардилар.