Президент Шавкат Мирзиёев 31 декабрь куни «Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида"ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади, дея хабар қилди ЎзА.

2020 йилнинг 1 февралидан бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимлари иш ҳақлари, пенсия, стипендия, нафақа ҳамда кам таъминланан оилаларга моддий ёрдамлар миқдори 1,07 бараварга оширилади.

Ушбу санадан бошлаб:

  • Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — 679 330 сўм (ҳозир 634 888 сўм);
  • Ёшга доир пенсиялар — ойига 466 680 сўм (ҳозир 436 150 сўм);
  • Болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 466 680 сўм (ҳозир 436 150 сўм);
  • Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — 238 610 сўм (ҳозир 223 000 сўм).

Базавий ҳисоблаш ўзгаришсиз қолди — 223 000 сўм. Ҳужжатда қайд этилишича, у солиқлар, йиғимлар, жарималар, давлат божлари ва кўрсатилаётган давлат хизматлари, тадбиркорлик фаолиятининг муайян тури билан шуғулланиш учун патент (лицензия) тўловлари ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловлар миқдорини аниқлашда қўлланилади.