24 ноябрь куни Оренбург-Оқбулоқ трассасида Оренбург вилояти ҳудудида ичида 8 нафар йўловчи, жумладан 5 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган микроавтобус иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 4 нафар ўзбекистонлик вафот этди, 1 нафари эса Оренбург вилоят клиник шифохонасига жойлаштирилди. Оренбург вилоят прокуратурасининг аниқлик киритишича, жами олти киши вафот этган, икки киши шифохонага ётқизилган.

Бош консулхона мазкур вазиятни назоратга олди ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат мигратсияси агентлигининг Москва шаҳридаги Ваколатхонаси билан биргаликда марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди ва Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Киров вилояти, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Қозон шаҳридаги мамлакатимиз Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди: +7−843−526−55−64, +7−843−526−55−65.