Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Самарқанд вилояти Булунғур туман ИИБда сўроққа чақирилган эркакнинг ўлими ҳақидаги хабарлар юзасидан ўтказилган текширувлар натижаларини эълон қилди.

57 ёшли Насриддин Жабборовнинг 16 ноябрь куни ИИБга чақирилганидан бир неча соат ўтиб вафот этгани ҳақида «Озодлик» радиоси хабар қилган эди. Мақолада марҳумнинг қариндошларига таяниб унинг қийноқлардан вафот этгани қайд этилган. Шунингдек, у биринчи марта тезкор тадбирда жалб этилмагани хабар қилинган.

Тергов департаменти маълумотларига кўра, 16 ноябрь куни фуқаро Насриддин Жабборов туман ИИБ бошлиғи номига, «О» исмли шахс «марихуана» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш билан шуғулланаётгани, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.

Ушбу куни соат 13:30 ларда Булунғур туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Р. 150 минг сўм эвазига Н.Жабборовга вазни 3,71 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида ушланиб, ёнидан вазни 0,78 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситаси ва тадбирда ишлатилган 150 минг сўм пул ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Р.га нисбатан айблов эълон қилинган ва «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Дастлабки тергов давомида Н.Жабборов терговга олиб келинмаган ва жиноят иши юзасидан сўроқ қилинмаганлиги аниқланган.

16 ноябрь куни соат 16:10 ларда Н.Жабборов Булунғур тумани ИИБ ЖҚБ хизмат хонасида бирламчи хужжатларни расмийлаштириш жараёнида соғлиғи ёмонлашиб, қон босими кўтарилиши ва юрак хуружи билан Тез тиббий ёрдам машинасида Булунғур тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб борилган ҳамда шу ерда вафот этганлиги маълум бўлган.

Суд тиббий экспертизасининг маълумотига кўра, Н.Жабборовнинг танасида тан жароҳатлари аниқланмаган. Дастлабки суд тиббий ташхиси — ўткир юрак қон томир етишмовчилиги, коронарокардиосклероз, юракнинг ишимик касаллиги эканлиги аниқланган.

Ҳозирда Н.Жабборовнинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва тегишли экспертиза тайинланган.