25 октябрь куни тахминан 11:30 да Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги «Тошкент савдо мажмуаси» (собиқ «Абу Сахий») ҳудудида ишлаётган беш нафар юк ташувчи ўртасида келиб чиққан жанжал улардан бирининг ўлимига олиб келди, дея хабар қилди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Жанжал иштирокчиларидан бири Г. Назаров пешлавҳалардаги полювгичлардан бирининг металл дастасини олиб, И. Норматовга бир неча марта зарбалар берди. Жабрланувчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази жонлантириш бўлимида вафот этди.

Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Г. Назаровга нисбатан Жиноят кодексининг 104-модда 3-қисм «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса) бўйича жиноят иши қўзғатилди. 26 октябрь куни унга нисбатан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.