Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси судьяларининг махсус кийими тавсифи ва намунасини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кун тартибидаги навбатдаги масала бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига судьянинг махсус кийими тавсифи ва намуналарини ишлаб чиқиш топширилган.

Мамлакатда суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш ва судьяларнинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши, Конституциявий суд ва Олий суд билан биргаликда судьяларнинг махсус кийими намуналари ишлаб чиқилган.

Судьяларнинг махсус кийимда фаолият юритиши мамлакатда одил судловни амалга ошириш борасида умумэътироф этилган тамойиллардан келиб чиққан ҳолда судьяларнинг махсус кийими таснифи ва намуналари нафақат миллий қадриятлар, балки хорижий давлатлар, яъни Америка Қўшма Штатлари, Германия, Франция, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг тажрибаси ўрганиб чиқилган.

Мажлисда Сенат томонидан манфаатдор идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган судьяларнинг махсус кийими кўринишининг тавсифи бўйича маълумот берилди.

Хусусан, республика судлари судьялари учун махсус кийим ранги тўқ-кўк бўлса, Конституциявий суд судьялари учун тўқ-олча рангда ва таркиби 70 фоиз жундан иборат бўлиши белгиланмоқда.

Қайд этиш жоизки, судьялик махсус кийими тўплами: махсус кийим, манишка ва ипак бўйинбоғ-пластрон судьяларнинг индивидуал тана ўлчамлари бўйича, фақатгина судьялик гувоҳномаси асосида буюртмага қабул қилиниши, судьялик махсус кийимининг тўплами учун ишлатиладиган мато қишки ва ёзги ҳолати бўйича ўзгариши мумкинлиги, шунингдек, судьялик махсус кийимининг фойдаланиш муддати — 2 йил этиб белгиланмоқда.

Судьяларнинг махсус кийими тавсифи ва намунасининг тасдиқланиши нафақат «Судлар тўғрисида"ги ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида"ги қонунлари талабини амалда ижро этилиши, балки, одил судловни амалга ошириш борасида умумэътироф этилган халқаро тамойилларнинг миллий қонунчиликка жорий этилиши ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузи ошишига хизмат қилади.

Бугунги кунда республикада мазкур тадбирларни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 500 миллион сўм қўшимча харажатлар талаб қилиниши тегишли идоралар билан келишилган.