Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг «Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти» мавзусидаги 6-семинари ниҳоясига етди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Кун тартибидаги охирги мажлисда Комиссия аъзолари анжуманнинг якунловчи ҳужжати лойиҳасини муҳокама қилдилар. Билдирилган амалий фикр-мулоҳазалар асосида лойиҳа маромига етказилди.

Сўнгра халқаро анжуман иштирокчилари ялпи мажлисга тўпланишди. ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Акмал Саидов ИҲТ Комиссияси йиллик 6-семинарининг якунловчи ҳужжатини анжуман аҳлига тақдим этди.

Шу тариқа халқаро семинарда Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларацияси қабул қилинди.