«Ҳумо арена» спорт комплексида пара-дзюдо бўйича Тошкент Гран-приси ўз якунига етди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Икки кун давом этган беллашувларда дунёнинг 35 мамлакатидан 200 га яқин спортчи ғолиблик ва Токиода ўтадиган паралимпия ўйинларига йўлланма берувчи рейтинг очколари учун баҳс олиб борди.

Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур Гран-прини умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлади. Улар мусобақа давомида 4 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлди.

Иккинчи ўрин Эрон терма жамоасига насиб этган бўлса, озарбайжонлик пара-дзюдочилар кучли учликни якунлаб берди.