Қарши шаҳрида янгидан барпо этилган олий ҳарбий таълим муассасаси — Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртининг очилиши ҳамда курсантларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Қашқадарё» газетаси сайтида хабар берилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28−30 январь кунлари вилоятга ташрифи чоғида Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромида ҳам бўлиб, ҳарбий учувчилар тайёрлаш, уларнинг амалий машғулотлар олиб боришида объектнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида 1994 йилда асос солинган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини Қарши шаҳрида қайта ташкил этиш таклифини берганди.

Шундан сўнг Қарши сержантлар тайёрлаш мактаби негизида олий ҳарбий авиация билим юрти ташкил этилиши белгиланиб, бу ерда кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ажратилган 73 миллиард сўм эвазига ўқув корпуси ва ёрдамчи бинолар замонавий кўринишга келтирилиб, энг сўнгги русумдаги тренажёрлар, ўқув-услубий қўлланмалар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.

— Муассаса ҳаво ҳужумларидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари учун 7 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлайди, — дейди Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари қўшинлари қўмондони, генерал-майор Аҳмад Бурҳонов. — Олий ҳарбий авиация билим юртининг айнан Қарши шаҳрида ташкил этилиши аввало курсантларга мамлакатимиздаги энг йирик ҳарбий аэродромлардан бири К Хонобод аэродромида ҳарбий ҳаво кемаларини бошқариш, уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича машғулотлар олиб бориш, бевосита ўқув полигонларида иштирок этиш имконини беради. Бу эса ҳарбий учувчиларнинг профессионаллик даражасини ошириш, авиация ҳамкорлигидаги дала-ўқув машғулотларини реал вазиятларга яқинлаштирган ҳолда олиб бориш ва унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш учун муҳим.

Тадбир давомида билим юрти бўйлаб экскурсия уюштирилди. Ҳарбий ҳаво кучлари томонидан тайёрланган ҳаво паради ва авиашоу намойиш этилди. Парад аввалида Н-125 русумли вертолётда давлат байроғи олиб ўтилди. Ми-8МТ, Ми-24 вертолётлари, С-295, Су-25, Миг-29 самолётларининг билим юрти узра парвози меҳмонлар томонидан олқишланди.

Билим юрти раҳбариятига президент совғаси «Isuzu» автобуси ва «Gentra» автомобили топширилди.

Шу куни олий ҳарбий таълим муассасаси илк курсантлари ҳарбий қасамёд қабул қилишди.