Ўзбекистондаги биринчи атом электр станцияси қурилиши учун Жиззах вилоятида Тузкон кўли яқинида танланган майдонча Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) талабларига қарийб тўлиқ жавоб беради, дея хабар қилди «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати.

«МАГАТЭ томонидан улар мавжуд бўлган тақдирда АЭС қурилиши муаммоли бўладиган 15 та „номақбул омил“ келтирилган. Бизнинг майдончамиз эса — бу дунёда камдан кам ҳолларда учрайди — уларнинг 14 тасидан холи. 15- омил — ер ости сувларининг ер сатҳидан 6−12 метр чуқурликда жойлашуви муҳандислик усули билан осон ҳал қилинади», — деди «Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри давлат лойиҳа илмий тадқиқот институти» давлат унитар корхонаси бош директори Йўлдош Маърупов.

«Ўзатом» устувор майдондаги муҳандислик тадқиқотларини 2019 йилнинг охиригача тугаллаш режалаштирилган, уларнинг натижалари Атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш (АМТБ) асосини ташкил этишини эслатиб ўтди.

Бунда ишлар режасига мувофиқ, 2020 йилнинг охиригича АМТБ ишлаб чиқилади ва жамоат эшитувига қўйилади. Юқорида тилга олинган муҳандислик-тадқиқот ишлари натижаларига кўра, мазкур майдонга рухсат олиш учун тегишли материаллар ядровий ва радиацион хавфсизлик органи — Давлат саноат хавфсизлиги қўмитасига юборилади.

Аввалроқ «Росатом» бош директори Алексей Лихачев корпорация 2019 йил охирига қадар АЭС қурилиши бўйича асосий шартномани имзолаш ҳамда 2020 йил аввалидан станция қурилиши бўйича майдончада ишлар бошланиши режалаштирилаётганини маълум қилган эди.