Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспексияси (Ўзкарантин) ва Хитой Халқ Республикасининг бош божхона бошқармаси ўртасида «Ўзбекистондан Хитойга қовун экспорт қилиш бўйича фитосанитар талаблар тўғрисида баённома» имзоланди. Бу ҳақда Ўзкарантин матбуот хизмати хабар қилди. Ҳужжат Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 27−28 август кунлари Хитой Халқ Республикасига амалга оширган расмий ташрифи доирасида имзоланди.

Ушбу баённомага мувофиқ, Хитойга экспорт қилинадиган қовун Ўзбекистоннинг тўртта вилоятидан — Хоразм, Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидан бўлиши лозим. Шунингдек, Хитойга экспорт қилинадиган қовун фитосанитар талабларга тўлиқ мувофиқ келиши, жумладан, зарарли организмлардан ҳоли ҳудудларда етиштирилиб, карантин инспектори томонидан мониторинг назоратидан ўтказилган бўлиши талаб этилади.

Қовунни экспорт қиладиган барча далалар, қадоқлаш цехлари Хитой ва Ўзбекистон карантин хизматларининг биргаликдаги рўйхатидан ўтказилиши ва тасдиқланиши лозим. Ушбу рўйхатдан жой олишни режалаштираётган тадбиркорлик субектларидан 10 сентабрга қадар «Ўздавкарантин» инспекциясига мурожаат қилишлари сўралади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Хитойга Ўзбекистондан экспорт қилишга рухсат этилган карантин остидаги маҳсулотлар тури 12 тани (гилос, мош, қобиқсиз грек ёнғоғи, ширин ва аччиқ бодом, узум данаклари, кунжут, майиз, қуритилган аччиқ қалампир, аччиқ қалампир, ўрик қоқиси, қовун) ташкил этади.

Экспортёр тадбиркорлар юқорида кўрсатилган маҳсулотларни транспорт бирликларига юклашдан олдин «Ўздавкарантин» инспексиясининг ҳудудлардаги инспекторларига мурожаат этишлари лозим.

Ҳозирда «Ўздавкарантин» инспексияси ХХР карантин хизмати билан Хитойга қўшимча равишда анор, узум ва лимон экспорт қилинишига рухсат олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.