Лондон, Манчестер ва Эдинбургда Буюк Британия қироличаси Елизавета II бош вазир Борис Жонсоннинг парламент фаолиятини 14 октябрга қадар тўхтатиш тўғрисидаги таклифини тасдиқлагани учун оммавий намойишлар бошланди. Бу ҳақда «Ведомости» британ ОАВга таянган ҳолда хабар қилди.

Лондонда намойишчилар шаҳар марказида, бош вазир қароргоҳи яқинида тўпланди. Улар парламент яқинидаги асосий йўлни ҳам тўсиб қўйди.

Парламент фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги хабарлар манзарасида британ фунти курси 1,21 долларга тушди. Бир кун аввал у 1,23 доллар эди.

Буюк Британиянинг Евроитифоқдан чиқиши учун энг охирги муддат — 31 октябрь. Борис Жонсон бу сафар муддат узайтирилмаслиги (аввал икки марта узайтирилди), агарда бунинг имкони бўлмаса, яхшиси блок билан келишувсиз ЕИ таркибидан чиқиш ҳақида бир неча марта таъкидлади. Парламентнинг кечроқ иш бошлаши эса депутатларда Brexit шартлари устида ишлашга ўз улушини қўшишга вақт қолмаслигини англатади, дея қайд этди нашр.

Лондоннинг собиқ мэри, Буюк Британиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон 23 июль куни Консерваторлар партиясининг янги етакчиси сифатида сайланиб, Тереза Мэй ўрнига бош вазир лавозимини эгаллади. Мэй май ойи охирида Brexit жараёнини кунига етказа олмагани учун танқидлар ортидан истеъфога чиқди.