Тошкент ҳокимлигида Ҳиндистоннинг Minerva world of knowledge компанияси мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар қилди пойтахт маъмурияти матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрига хорижий инвесторларни жалб қилиш, улар билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар қатори мазкур компания билан ҳам 4 ой давомида қатор музокаралар ўтказилди. Натижада Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Minerva world of knowledge» МЧЖ раҳбари Жалан Мурали Лал ўртасида умумий қиймати 500 млн доллар миқдоридаги инвестиция келишуви имзоланди.

Унга кўра, яқин 5 йил давомида пойтахтимизнинг Сергели туманида аҳоли турар жойлари, янги университет, тиббиёт ва спорт мажмуаси, мактабгача таълим муассасаси, савдо-кўнгилочар мажмуа ва ётоқхоналар қурилади.

Кўп тармоқли фаолият йўналишига эга мазкур компания қурилиш соҳасида етакчилардан ҳисобланади, дейилади хабарда.