«Ғиждувон» ЭИЗни кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги 670, 671-сон қарорларида акс эттирилган. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Ҳукумат «Ғиждувон» ЭИЗ ҳудудини кенгайтириш тўғрисидаги таклифга розилик билдирди. Унга Когон шаҳри ва Когон туманидан 200 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган бўш турган ер участкалари киритилади. Қўшиладиган ерлар ва иштирокчиларнинг ишлаб чиқариш майдонлари ташқи йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига уланади.

2 ой муддатда «Ғиждувон» ЭИЗ ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича манзилли дастурни Вазирлар Маҳкамасига киритадилар. Тадбиркорлик субъектлари мунтазам равишда таклифлар ҳақида хабардор қилинади. Шунингдек, уларга ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режаларини ишлаб чиқишда кўмаклашадилар.

«Ғиждувон» ЭИЗ дирекциясига Когон шаҳар ҳокимлиги маъмурий биносидан зарур инвентарлар билан жиҳозланган хоналар ажратилади.