Москванинг ададемик Сахаров шоҳ кўчасида рухсат берилган акцияга 50 мингдан зиёд киши йиғилди, дея хабар қилди Россиянинг «Газета.ru» сайти оммавий тадбирларда одамлар сонини мониторинг қилувчи «Белый счетчик» лойиҳаси маълумотларига таянган ҳолда.

Келишилган митингдан сўнг Москва марказида рухсат берилмаган юриш акцияси бошланди, ушбу акция чоғида, пойтахт ИИБ маълумотларига кўра, 136 киши қўлга олинди.

10 август куни Сахаров шоҳ кўчасидаги акция 2011 йил декабридан кейинги энг оммавий мухолифат митинги бўлди.

Фото: varlamov.ru

Тадбирга журналистлар Леонид Парфенов ва Юрий Дудь, ёзувчи Людмила Улицкая, шунингдек рэперлар Face, Ic3peak, Oxxxymiron ҳамда «Кровосток» гуруҳи келди.

Акциядан кўзланган мақсад — Москва шаҳар думасига мустақил номзодларнинг рўйхатга олинишидан иборат. Иштирокчилар Москва думаси сайловига Дмитрий Гудков, Юлия Галямина, Иван Жданов, Любовь Соболь ва Илья Яшинларнинг номзод сифатида рўйхатга олинишини талаб қилмоқда. Аввалроқ сайлов комиссияси номзодлар етарлича имзо тўплай олмаганини маълум қилиб, улар номзодини тасдиқламади.

Ушбу қарордан норози бўлганларнинг қайд этишича, кўплаб имзолар сайлов комиссияси ва амалдорларнинг хатолари туфайли яроқсиз ҳолга келтирилган, юзлаб сайловчилар мавжуд эмас деб топилган.