Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) 2019/2020 ўқув йилидан қайта жиҳозланган Isuzu HC 40 автобуслари базасида амалга ошириладиган мобил мактабгача ташкилотлар лойиҳаси ҳақида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, таълимнинг муқобил шаклларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича қарор лойиҳаси 30 июль куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди. Мобил гуруҳларга мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3−7 ёшдаги болаларни қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Хабарда қайд этилишича, мамлакатнинг олис туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар тез-тез мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) йўқлигидан шикоят қилиб туради. Вазирлик бюджети чеклангани боис МТТлар очиш учун болалар сони кўпроқ бўлган жойларни танлашга тўғри келди. Ишчи гуруҳлар таҳлиллари ҳудудларда бинолар ажратиш муаммони ҳал қилмайди.

«Шундай туманлар борки, у ерларда уйлар бир-биридан узоқда жойлашган. Стационар нуқта фақатгина 3 км радиусдаги болаларни қамраб олишга имкон беради, бу — жуда кам. Бундан ташқари, ота-оналарга фарзандларини ҳар куни МТТга олиб бориш қийин, ахир ҳар кимда ҳам транспорт бор эмас. Бошқа муаммо шундаки, тоғли ҳудудларда зарур коммуникацияларни жойлаштириш имконсиз. Албатта, МТВ болалар иситиш, сув ва канализация бўлмаган жойларда мактабгача таълим ташкилотини очмайди», — деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Шундай қилиб, ихтисослашган автобуслар яқин истиқболда мактабгача ташкилотларни қуриш қийин бўлган мураккаб шароитли жойларга махсус йўналиш бўйича ҳаракатланади. Автобуслар кондиционерлар, қуёш панеллари, биотуалетлар, ўйинчоқлар, ривожлантирувчи ва таълимий материаллар билан таъминланади. Мактабгача таълим ташкилотлари тажрибаси Швеция, Янги Зеландия ва Ҳиндистонда қўлланилмоқда, дея қўшимча қилди МТВ раҳбари.

Ҳар бир автобус учун тарбияланувчилар пиёда бора оладиган жойларда қумли, арғимчоқлари, ўйин майдончалари бўлган учтадан автотураргоҳ барпо этилади.