2 август куни Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Олма Ота-Тошкент-Термиз автомобиль йўлида содир бўлган йўл-транспорт воситаси натижасида беш киши ҳаётдан кўз юмди.

Ўзбекистоннинг Олма Отадаги бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2 нафар йўловчи — Ўзбекистон фуқаролари Ф.Т. ва Д.А. воқеа жойида ҳалок бўлди. Учинчи ўзбекистонлик Р.Ж. олинган жароҳатлардан Чимкент шаҳар шифохонасида вафот этди.

ЙТҲ бўйича жиноий иш очилиб, тергов олиб борилмоқда. Бош консулхона вазиятни назоратга олди ва марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш бўйича уларнинг оила аъзоларига консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатмоқда.

Tengrinews.kz нашрининг маълум қилишича, Чимкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётган юк машинаси қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, Audi ва КамАЗ машиналари билан тўқнашган, сўнгра ағдарилиб, ёниб кетган.

Қозоғистоннинг Олма Ота ва Чимкент шаҳарлари, Олма Ота, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Олма Ота шаҳридаги бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7−727−291−11−78.