Ўзбекистоннинг «Содиқ дўст» жамоаси Москва вилоятининг Дмитров шаҳрида ўтказилаётган мусобақанинг Дог биатлон (индивидуал пойга) шарти бўйича беллашди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва омманий коммуникациялар департаменти хабар берди.

3200 метрли масофада жойлашган тўсиқларда ўзбекистонлик кинологлар ўз маҳоратини намойиш этди. Хусусан, катта лейтенант Шодиёр Шомуродов ўз хизмат ити билан барча тўсиқлардан муваффақиятли ўтиб, биринчи шарт бўйича тўсиқлардан 13 дақиқа-ю 3 сонияда маррага етиб келиб, рекорд ўрнатди.

Шундай қилиб, Россия, Белорусь, Қозоғистон, Алжир халқ демократик республикаси, Россия Федерациясининг аёллар ва ДОСААФ жамоалари иштирок этаётган мусобақанинг биринчи босқичида ўзбекистонликлар 3-ўринда кетмоқда.

Ҳали олдинда Ҳимоя хизмати (шартли қоидабузарни ушлаш), 300 метрли тўсиқли йўлакдан ўтиш, қуроллардан нишонни мўлжалга олиш шартлари турибди.