2019 йил 4 август куни, соат 18:30ларда Бухоро вилояти, Жондор тумани ҳудудидан ўтган А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлининг 299-километрида, Қозоғистон Республикаси фуқароси, Туркистон вилояти, Чимкент шаҳрида яшовчи, 1978 йилда туғилган А.Р. «Van Hool» русумли, KZ 545 APB 13 давлат рақам белгили автобусини бошқариб бораётиб, номаълум сабабларга кўра рул бошқарувини йўқотган ва автобус йўл четига ағдарилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар берди.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида автобусдаги йўловчилардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган. 10 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари олиб касалхонага ётқизилган. Қозоғистон Республикаси фуқароси А.Р. бошқарувидаги «Van Hool» русумли, KZ 545 APB 13 давлат рақам белгили автобус «Алмати-Нукус» халқаро йўналишида йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширган.

Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисасининг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.