15 августдан Аи-91 русумли бензин нархи биржа савдолари орқали белгиланади. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида"ги қарорида бу ҳақда сўз боради.

«Ўзбекнефтгаз» компаниясининг «Газета.uz"га изоҳ беришича, Аи-91 эндиликда қатъий ўзгармас нархда сотилмайди. Ҳозирда унинг бир литри 4500 сўмдан.

«Аи-91 бензинини сотаётган ёқилғи қуйиш шохобчалари эндиликда уни биржа савдоларидан сотиб олади ва ўз харажатларидан келиб чиққан ҳолда нархларни мустақил равишда белгилайдилар. Авваллари бензин тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ҳукумат белгилаган нархларда сотиб олинган», — дея қайд этди компания.

15 августдан юқорида тилга олинган қарорга кўра, Аи-80 бензини 4500 сўмдан (акциз солиғи билан, ҳозирда — 4000 сўм), дизель ёқилғиси — 5400 сўмдан (4800), ЭКО дизель ёқилғиси — 5700 сўмдан (4900) сотилади.

Айни вақтда Аи-91 бензини автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига 3793,5 сўмдан (бир литри учун) сотилмоқда.

«Нархлар савдо биржаларида бозор конъюктураси, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда эркин ўрнатилади. Авваллари 4500 сўмдан 285 сўм истеъмол солиғи (ҳозирги акциз солиғи), ундан яна 10 фоиз олинар эди. Шундай тушунча бор: „АЁҚШ чегирмаси“ — автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига хизмат кўрсатишга бериладиган сумма. Яъни, „Ўзнефтмаҳсулот“ истеъмол солиғи олингани учун 10 фоизлик чегирма беради. Якунда қиймат 3793,5 сўмни ташкил этади», — дея изоҳ берди компания.

«Ўзбекнефтгаз» фикрича, эркин нарх АЁҚШлар ўртасидаги рақобатни рағбатлантиради. Аи-95 ва Аи-98 бензинлари эса аввалгидек бозор нархида сотилади.

Республика товар-хом ашё биржаси маълумотларига кўра, 22−26 июль кунлари Аи-91 автобензини нархи бир тонна (1293 литр) учун 7,1 млн сўм ёки тахминан бир литри учун 5492 сўмни ташкил этган. Ўтган ҳафта давомида биржада бензин котировкаси 20,7 фоизга ўсган.

Ўзбекистонда автобензинлар (Аи-80, Аи-91, Аи-92 ва Аи-95) ва дизель ёқилғиси Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилади.