Эндиликда Сирдарё ва республиканинг бошқа вилоятларидан Қозоғистон жанубий ҳудудларига жўнатиладиган юклар янги ишга туширилган Сирдарё давлатлараро туташув пункти орқали юборилади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди. Мазкур туташув пункти ишга туширилиши билан, суткасига қўшимча 3 жуфт юк поезди айланмасига замин яратади.

«Бу давлатлараро туташув пунктининг очилиши тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларини қўшни давлатнинг жанубий ҳудудларига экспорт қилишида қулайлик туғдиради. Яъни маҳсулотларнинг манзилига етиб боришига кам вақт сарфланади, иш фаолиятини янада ривожлантиришга имкон берди, — деди „Тошкент минтақавий темир йўл узели“ унитар корхонаси бўлим бошлиғи Элбек Шамсиев».

Ўзбекистон бугунги кунда қўшни давлатлар, жумладан, Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон билан жами 20 коридор орқали темир йўл транспортидан фойдаланиб, ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Айни кунгача Қозоғистонга Келес ҳамда Қорақалпоғистон давлатлараро туташув пунктлари орқали юклар расмийлаштирилиб, поездлар қатнови амалга ошириб келинаётган эди. Шундан Келес давлатлараро туташув пунктидан бир суткада ўртача 20, 22 юк поезди Ўзбекистондан Қозоғистонга ва ушбу давлат орқали МДҲ мамлакатларига жўнатилаётган бўлса, сутка давомида яна шунча юк поезди мамлакатга қабул қилиб олинади.

Бугунги кунга қадар Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларидан жўнатилган барча юклар Келес давлатлараро туташув пунктига келтирилиб, «Қазақстан темир жоли» компаниясига топширилар эди. Сирдарё давлатлараро туташув пункти очилиши билан масофа 110 километрга қисқарди. Пункт куну тун фаолият кўрсатади.

«Қазақстан темир жоли» компанияси Чимкент филиалининг юк ташишлар бўйича бош муҳандиси Сакен Амиров Қозоғистон Сирдарё давлатлараро туташув пункти орқали Ўзбекистондан мева-сабзавотлар, полиз маҳсулотлари ва қурилиш материалларини сотиб олиб, нефть маҳсулотларини сотишини маълум қилди.