Қуролли Кучлар академиясида хорижий давлатлар билан ҳарбий таълим борасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга бағишланган «Замонавий босқичда Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг асосий тенденциялари» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар қилди.

Ташкил этилган халқаро анжуманда ўн бешта хорижий давлат ҳарбий атташелари, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш Олий мактаби ва бошқа олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Маърузаларда Қуролли Кучларни замон талабларидан келиб чиқиб ислоҳ қилиш, ҳарбий санъатни ривожлантиришнинг асосий тенденцияларини ўрганишнинг аҳамияти, жаҳон миқёсида ҳарбий соҳада эришилган ижобий тажрибаларни қўшинлар амалиёти ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларидаги таълим жараёнига изчил тадбиқ этиш бўйича асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш зарурати ҳақида атрофлича фикр юритилди.

Шунингдек халқаро илмий анжуман доирасида ҳарбий атташеларнинг хорижий давлатлар олий ҳарбий таълим муассасалари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлигини ташкиллаштириш, чет эл ҳарбий академиялари билан тажриба алмашиш, ҳамкорликда ҳарбий-илмий тадбирлар уюштириш,ўқитишнинг илғор инновацион услубларидан фойдаланган ҳолда онлайн тренинглар ўтказиш йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.

Анжуман якунида фаол иштирокчилар тақдирланди.