Россиянинг Хабаровск ўлкасидаги «Холдоми» сайёҳлик тоғ-чанғи мажмуаси базасида барпо этилган чодирли болалар оромгоҳида 23 июль куни ёнғин содир бўлди, тўрт бола ҳаётдан кўз юмди, дея хабар берди Meduza.

Яна икки бола шифохонада қолмоқда, улардан бири кучли куйиш жароҳати билан, иккинчиси эса ис газидан заҳарланган. Яна саккиз нафар жабрланувчи — уч бола ва беш катта ёшли — ҳодиса жойида тиббий ёрдам олди. Оромгоҳда жами 189 бола бўлган.

Яна бир бола кома ҳолатида, деб ёзди «Новости» РАА. Ўн ёшли Арсений ёнғин вақтида бир қизни чодирдан олиб чиқаётганда куйган.

Ёнғинда 26 чодирнинг 20 таси ёниб кетди. Дастлабки тахминларга кўра, у чодирлардан бирига ўрнатилган носоз радиатордан келиб чиққан. Тергов қўмитаси ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатди. Оромгоҳ директори қўлга олинган.

Хабаровский ўлкаси губернатори Сергей Фургалнинг сўзларига кўра, чодирли оромгоҳ хусусий бўлган ва ноқонуний фаолият кўрсатган, текширувчилар унинг очилишига рухсат бермаган.

Болалар вафоти муносабати билан Хабаровск ўлкасида 24−26 июль кунлари мотам эълон қилинди.