Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Кабилжанович Норинбоев Ўқ отиш спорти федерацияси раиси этиб сайланди, дея хабар қилди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га. 17 июль куни федерациянинг навбатдан ташқари IX Конференцияси бўлиб ўтди. Унда федерацияга янги раис ва унинг биринчи ўринбосари сайланди.

Раиснинг биринчи ўринбосари лавозимига бир овоздан ички ишлар вазирининг туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари Дониёр Бахтиёрович Кадиров сайланди.

«Олдимизда ниҳоятда масъулиятли вазифа турибди, — деди федерациянинг янги раҳбари Ойбек Норинбоев. — Барчамиз биргаликда ҳаракат қилсак кўзлаган мақсадимизга етишимизга ишончим комил. Биз ҳамжиҳатликда ушбу спорт турини янги босқичга олиб чиқишимиз керак. Ўшандагина Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида ғалабалар ўз ўзидан келади. Менга билдирилган юксак ишонч учун президентимизга, Миллий олимпия қўмитаси ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Ишончни оқлаш учун бор имкониятимни ишга солишга ваъда бераман».