Жорий йилнинг 7 июль куни соат 18:30 ларда Жиззах вилояти ИИБ ЙХҲБ инспектори О.Қ. Жиззах шаҳар, «Эски шаҳар деҳқон бозори» ҳудудида хизмат вазифасини бажариб, «Lacetti» русумли автомашина ҳайдовчисига маъмурий баённома расмийлаштираётган вақтда, шу ердан ўтиб бораётган 1988 йилда туғилган фуқаро С.Н. маст ҳолатда ИИБ ЙХҲБ ходимларининг олдига келиб, уларни турли сўзлар билан ҳақорат қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

ИИБ ЙХҲБ ходимлари уни тинчлантирмоқчи бўлганида, уларга қаршилик кўрсатиб, О.Қ.нинг погонини юлиб олиб, уни уриб, бўйин соҳаси ва чап елка соҳасига тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан С.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

С.Н. тегишли процессуал тартибда ушланган.