Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари Самарқанд вилоятида деҳқонларни қутқариб қолди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

3 июль куни 24 кишидан иборат гуруҳ Зарафшон дарёсининг Тойлоқ тумани ҳудудидадан ўтган қисмидаги оролчага тўпланади. Улар ушбу ҳудудга экилган пиёз даласида агротехник тадбирларни ўтказишга йиғилади.

Бироқ кечаси дарёда сув сатҳи кўтарилиб, деҳқонлар ҳаёти хавф остида қолади. «Зарафшон» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро 4 июль куни Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, ҳодиса тўғрисида хабар қилади.

Воқеа жойига ҳудуд ФВБ бошлиғи раҳбарлигида қутқарувчилар гуруҳи етиб келди. 24 кишининг барчаси тезкорлик билан моторли қайиқда оролчадан соҳилга етказилди. Қутқарув операцияси вақтида ҳеч ким жабрланмади, дея қайд этди матбуот хизмати.