Ички ишлар органлари йўл-патрул бўлинмалари ҳамда патрул-пост хизматлари ходимлари учун мобил камералар ва планшетлар харид қилиш муддатларининг чўзилишига «ортиқча сансалорлик ва бюрократия» сабаб бўлди, дейилади Ўзбекистон ҳукуматининг 3 июлдаги қарорида.

Мамлакат президентининг ўтган йил 24 декабрдаги қарорида бодикамералар ва планшетлар Давлат мудофаа қўмитаси томонидан Ички ишлар вазирлиги талаби асосида 1 апрелгача харид қилиниши лозим эди. Вазирлар Маҳкамасининг 1 декабрдаги қарорида эса ЙПХ ходимлари 1 июлдан бодикамералар билан хизматни бошлаши белгиланган.

Муддатлар кечиктирилган сабабли Давлат мудофаа саноати қўмитаси раиси ўринбосари Хотамжон Юсупов ҳамда ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Эргашевга хайфсан эълон қилинди.

Давлат мудофаа саноати қўмитаси раиси Отабек Ибодуллаев ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ЙПХ ва ППХ ходимларини 2020 йил 1 январгача мобил камералар ва планшетлар билан таъминлаш борасида шахсан жавобгар экани тўғрисида огоҳлантирилди.

1 январдан ҳайдовчилар камераларсиз хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга бўлади.